Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » FIKR MULOXAZA

Навоий кўчасида янги қурилган уйлар эгаларига топширилди (фото)

Етти қаватли 8 та уй жами 320 хонадонга мўлжалланган.
27 декабрь куни пойтахтимизнинг Алишер Навоий кўчасида барпо этилган кўпқаватли замонавий уйларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, адабиёт ва санъат намоёндалари, пойтахтимиз маҳаллалари фаоллари, ёшлар иштирок этди.

Маросимда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов, "Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси Муҳаммаджон Зуфаров, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, дзюдочи Ришод Собиров сўзга чиқди ва юртимизда олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари натижасида айниқса Тошкент шаҳри беқиёс даражада ўзгариб, янгиланиб бораётганини таъкидладилар.

Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири  - Алишер Навоий кўчасида пойтахтимиз меъморий қиёфасини янгилаш, аҳолининг турар-жой шароитини тубдан яхшилаш дастури доирасида улкан ҳажмдаги ишлар бажарилди. Бу ерда ижтимоий-маданий ҳамда савдо ва маиший объектларни ўз ичига олган, 320 хонадонга мўлжалланган саккизта кўпқаватли янги уй барпо этилди.

Бугун 27 декабрь куни янги хонадонлар эгалари ўз уйларига кўчиб ўтдилар. Ушбу мажмуа лойиҳаси "Тошкент бошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқилган. Мажмуа ҳар бири 7 қаватли 8 уйдан иборат бўлиб, уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватларида ижтимоий-маиший, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлашган.


Уйлар автомобиль магистралидан 24,5 метр ичкарида қурилгани хонадонларни кўчадаги автомобиллар шовқинидан ҳимоя қилиш имконини беради. Алишер Навоий кўчаси ва уйлар ўртасида каштан кўчатлари ўтқазилган хиёбон ташкил этилди. Бу, табиийки, мажмуадаги савдо ва маиший комплексларга келганлар учун ҳам қатор қулайликлар яратади. Бинолар фасад қисмининг дастлабки икки қавати қизил гранит, кейинги беш қавати оқ кристаллит ойна билан қопланган.

Ҳар бир уй икки блок-секциядан иборат бўлиб, битта блок-секцияда 20 хонадон, битта уйда эса уч, тўрт ва беш хонали 40 хонадон жойлашган. Хонадонлар кенг, шифтлари баланд, ёруғ ва шинам, бемалол яшаш учун ҳар жиҳатдан қулай. Меҳмонхона, ётоқхона, болалар хонаси, ошхона, ювиниш хонаси халқимизнинг турмуш тарзига мос ҳажмда ва тартибда лойиҳалаштирилган. Ҳаво ҳарорати ва намлигини бир маромда сақлаш тизими шифт орасидан ўтказилган ва шу билан мазкур тизим ортиқча жой эгаллашининг олди олинган. Санузел хоналари подъезд томондаги деворга туташтириб қурилгани хоналарни подъезддаги шовқиндан ҳимоя қилади. Бундан ташқари хонадонлар "Домофон” тизими билан таъминланган, девор ва полларни пардозлаш ишларида замонавий материаллардан фойдаланилган.



Подъездларни пардозлаш ишлари ҳам юксак даражада бажарилган. Зиналарга жилов беришда замонавий керамик плиталар ва силлиқланган гранит плиталар ишлатилган. Ҳар бир уйда 1000 килограмм юк кўтариш қувватига эга замонавий, икки томонлама эшикли лифтлар ўрнатилган. Лифтлар кабинаси кенг ва шинам. Уйларнинг ҳовли томонидаги каштан, қарағай, эман каби дарахтлар экилган, кенглиги 32 метрни ташкил қилувчи кўкаламзорлаштирилган ҳудуд кўзга қувонч бағишлайди. Ушбу яшил ҳудуд ва унинг атрофида микроиқлим ҳосил қилиш мақсадида фавворалар қурилган, болалар учун ўйин ва спорт майдончалари яратилган. Хиёбонда замонавий ёритиш ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари ўрнатилган.



Эслатиб ўтамиз, 2012 йилда Буюк Британиянинг нуфузли "Экономист” журнали бўлинмаси – Economist Intelligence Unit (EIU) компанияси эълон қилган рейтингда Тошкент дунёнинг яшаш қулай бўлган шаҳарлари орасида қайд этилган. Мазкур рейтинг барқарорлик, соғлиқни сақлаш хизматлари ва маданият муассасаларининг ривожланганлиги, атроф-муҳит сифати, таълим даражаси ва инфратузилмаси, яшил экинзорлар майдони, ҳавонинг сифати, табиий дам олиш масканларига яқинлиги, дунё миқёсидаги маданий мерос объектлари, ҳудудий ва халқаро транспорт алоқаларининг мавжудлиги каби мезон ва кўрсаткичлар асосида тузилган. Ана шу кўрсаткичлар бўйича яшаш учун қулай бўлган дунёнинг 140 шаҳари ўртасида танлов ўтказилган. Тошкент мазкур шаҳарлар орасида 58-ўриндан жой олиб, Вашингтон, Амстердам, Сидней, Берлин, Париж каби йирик шаҳарлар қаторидан муносиб ўрин эгаллади.



Manba:darakchi.uz

 



Категория: FIKR MULOXAZA
Просмотров: 4403 | Рейтинг: 0| Рейтинг:
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 17:43
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Логин:
Пароль:
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное