Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » TANQID va TAXLIL

Рамазон ҳайити муборак!
Рамазон ойи охирлар экан, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари ёдга тушади: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?» деб сўрашди. Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри — ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Гуноҳлар кечирилишининг аломати

Рамазон ойида инсон ўзи учун чексиз манфаатлар гарови бўлган ибодатни адо этиши баробарида, сон-саноқсиз гуноҳлардан покланиб, қалб сокинлигига эришади. Уламоларнинг айтишларича, киши гуноҳларининг кечирилгани аломати — ўша гуноҳдан тийилишдир. Рўза тутган кишининг ўзига бўлган ишончи ортади, иродаси мустаҳкамланиб, сабр-бардоши қатъийлашади. Ана шундай буюк ва машаққатли ибодатни эсон-омон адо этиб, унинг беқиёс фойдаларини қўлга киритиш бахтига муяссар бўлганликларининг шукрона ва шарафига мўъмин-мусулмонлар Рамазон ойи тугаган кунининг эртасига, Шаввол ойининг биринчи кунини байрам қиладилар.

Ийд ал-Фитр

Биз «Рамазон ҳайити» деб номлайдиган кун диний манбаларимизда «Ийд ал-Фитр» деб номланади. «Ийд ал-Фитр» рўзадан чиқиш, таомланишга ўтиш куни деганидир. Халқимизда қадимдан «Рамазон ҳайити» куни тантанали равишда нишонлаб келинган. Ийд намозидан кейин бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, мискинларга ёрдам кўрсатиш, болаларга ҳайитлик совғалари улашиш халқимизда анъанага айланган.


Ийд кечасини ибодат билан ўтказиш

Ийдга ўтар кечанинг ҳам ўзига яраша фазилати бор. Унинг бир қисмини зикр, тасбеҳ билан ўтказиш билан катта савобларга эга бўлиш мумкин.

Набий алайҳиссалом: «Ким икки Ийд кечасини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас», дедилар (Ибн Можа ва Тобароний ривояти).

Ҳайит учун ғусл қилиш

Ислом поклик дини. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: «Поклик имоннинг ярмидир», деганлар. Мана шундай ибодатлар олдидан, жамоат тўпланадиган жойларга боришдан олдин ғусл қилиш динимизда алоҳида таъкидланган. Расули Акрам алайҳиссалом Фитр, Адҳо ва Арафа кунлари ғусл қилган эканлар (Ибн Можа ривоят қилган).

Тишларни мисвок ёки тиш пасталари ёрдамида тозалаш

Тишни тоза тутишга Ислом диничалик эътибор берган бирорта дин ёки таълимот йўқ. Набий алайҳиссалом, «Агар умматимга машаққат бўлишидан қўрқмаганимда, уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлар эдим», деганлар. Шу боис, намоз олдидан мисвок қилиш суннат амал ҳисобланади. Ҳайит намози учун эса бу нарса янада таъкидлироқ.

Ийд учун ясаниш

Мусулмон киши ҳайитга энг яхши кийимларни кийиши, иложи бўлса, янги кийим сотиб олиши мустаҳаб, яъни яхши кўрилган амал. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ байрам қилиб берган кунни нишонлаш, уни қадрлаш рамзи ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам жума ва икки ҳайит кунларида Ямандан келтирилган ҳибара деган чиройли тўнларини кийиб олардилар.

Ҳушбўйликлар суртиш

Жамоатчилик жойга киришда хушбўйлик суртиб олиш юксак одоб намуналаридан бири ва кўплаб ноқулайликларнинг олдини олади.

Намоздан олдин бирор егулик тановул қилиш

Рамазон ҳайитида, Қурбон ҳайитидан фарқли ўлароқ, намозга чиқишдан олдин бирор нарса еб олиш ҳам Рамазон ҳайитининг одобларидан саналади. Бунда Фитр куни рўза тутишдан бўлган қайтариққа урғу бериш ва Рамазон рўзаси якун топганлигига эътиборни қаратиш бор. Ўша егулик қуруқ ёки ҳўл мева бўлгани яхши.

Имом Бухорий ривоятига кўра: «Набий алайҳиссалом Фитр куни бир неча хурмо емасдан туриб чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар».

Хонадон аҳлига кенгчилик, серобчилик шароит яратиш

Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган сарфу харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, уларга совға-саломлар улашилса, янада яхши. Бунда совға-саломлар қўни-қўшниларга ҳам берилса, мақсадга мувофиқ.

Набий алайҳиссалом, «Ўзаро ҳадя беришинглар, бир-бирингизга муҳаббатингиз бўлади», деганлар (Байҳақий ривояти).

Қариндош-уруғ, қўни-қўшниларни зиёрат қилиш, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга хурсандчилик улашиш

Ҳайит муносабати билан устоз ва олим кишиларни зиёрат қилиш ҳам жуда катта савобли ишлардан ҳисобланади. Шунингдек, бемор кўриш, йўқсил, мискинлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади.

Ҳайит кунларида қариндош-уруғ, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади.

Набий алайҳиссалом, «Кимни ризқи кенгайтирилиши ва умри узун бўлиши масрур (истаса) қилса, қариндошларига силаи раҳм (яхшилик) қилсин», дедилар.

Гина-кудратни унутинг!

Узоқлашиб кетган қариндошлар, аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, қариндошлик ришталарини узган ёки бировдан гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳадялар беришинг, чунки ҳадя оз бўлсин ёки кўп бўлсин, кек-адоватни кетказади ва меҳрни уйғотади», дедилар.

Болажонларга ҳайитлик бериш

Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашиш зарур. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, буюклигини ҳис қила билсин. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадриятларимизга нисбатан ҳурмат уйғотади.

Кўрганларни ҳайит билан табриклаш, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш

Ҳайит муносабати билан табриклаш кишиларнинг бир-бирларига бўлган муносабатларини мустаҳкамлайди.

Ҳайит кунлари аёлларнинг қабристонларга бориши яхши эмас

Динимизда айнан ҳайит куни қабристонга бориш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Икки Ийд кунлари мўъмин-мусулмонларнинг энг улуғ байрамлари ҳисобланади. Диний манбаларимизда бу кунларнинг хурсандчилик, шодлик руҳида, байрам кайфиятида ўтказилиши таъкидланган. Аммо ҳайит кунлари фотиҳахонлик қилиш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Мусибатга учраган айрим кўнгилга яқин кишиларни ҳайит муносабати билан йўқлаш мумкин. Аммо бу ҳам аза тутиш кайфиятида қилинмайди. Шу боис ҳайит кунларини азага айлантириб юбориш тўғри бўлмайди.

 

Рамазон ҳайити байрамини мазкур одобларга риоя қилган ҳолда ўтказсак, ушбу улуғ кунни муносиб нишонлаган бўламиз. Барчамизга кириб келаётган Рамазон ҳайити муборак бўлсин!


Категория: TANQID va TAXLIL
Просмотров: 5723 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 1| Рейтинг:
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 1
BARNO Xammamizga ham bu bayram muborak bo'lsin!
Like | 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 16:57
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Логин:
Пароль:
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное