Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » TANQID va TAXLIL

Шаҳзода Муҳаммедова: “Тўйларга чиқмайдиган, лицензиясиз хонандаман!”
Бугунги суҳбатдошимиз – кўпгина роллари билан мухлислар кўнглидан жой олган, ҳам актрисаликда, ҳам дизайнерликда бирдек фаолият олиб бораётган ёш иқтидор эгаси Шаҳзода Муҳаммедова.
 
– Бугунги кунда нималар билан бандсиз?
 
– Ҳозирда ўзимнинг дизайнерлик соҳамда фаолият юритяпман. Фильмларда суратга тушяпман. Хуллас, ижод қўйнидаман.
 
– "Халқаро туризм” сохасида ўқияпсиз. Нега санъат соҳасида эмас? 
 
– Оиламиздагилар ҳаммаси иқтисод ва ҳуқуқ соҳасида бўлганлиги, мени иқтисодни танлашимни исташгани боис ҳам шу соҳани танладим.
 
– Актрисалик қилишингизга розилик беришган, лекин нега шу соҳани профессионал эгаллаш учун санъат соҳасида таълим олишингизга розилик беришмади?
 
– Биласизми, актрисалик, кинода роль ўйнашни ўзим ёшликдан орзу қилардим. Бироқ шунга қарамай, дизайнерликка ҳам ихлосим баланд эди. Сабаби, санъаткорларнинг бежирим либослари мени ўзига маҳлиё қилганди. Аслида санъаткорларга дизайнер бўлиш ҳам мени қониқтирарди. Агарда ўзим актриса бўлолмасам, фарзандларимда шу орзуимни рўёбга чиқараман, деб ўйлардим. Буни қарангки, тақдир экан, орзуим амалда ушалди. Киноактриса сифатида ҳам фаолият юрита бошладим. Ота-онамнинг кинода роль ўйнашимга рози бўлишлари эса жуда қизиқ жараён бўлди. Аввал эпизодик роль ўйнадим. Кейин бир-икки фильмларда дизайнер сифатида ишладим. Хуллас, дизайнерлик касбим билан бирга аста-секин кинога кириб келганлигим боисдан бу нарса сезилмай ҳам қолди.
 
– Профессионал билимга эга бўлмай туриб санъатда узоқ фаолият олиб боролмайсиз-ку! 
 
– Профессионал билим керак. Тўғри, Ўзбекистон давлат санъат институтининг "Драма ва кино” бўлимида таҳсил олмадим. Шу институт қошида очилган махсус тайёрлов курсларида ўқимадим. Бироқ биринчи устозим сифатида режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовни бемалол айта оламан. Сабаби, улар менга актрисаликнинг йўл-йўриқларини, камера билан ишлашни, кўз қарашлари ва ҳолатга киришларни ўргатди. Мени актрисаликни эплаб кетишимда шу инсоннинг берган маслаҳатлари ва йўл-йўриқлари жуда катта аҳамиятга эга.
 
– Ролларингиз бироз сунъий ва ўхшашдек бўлиб қолган...
 
– Менга бу ҳақда ҳали бирор журналист ёки яқинларим айтмаганди. Ўзимга ҳам унчалик сезилмаган экан (ўйланиб). Тўғри, турли фильмлардаги келин ролларим ўхшаш бўлиб қолади. Сабаби, келинларнинг вазифалари бир хиллигидан бўлса керак, деб ўйлайман. Аммо турли жанрлардаги фильмларда ҳар хил характерли образларни жонлантиришга ҳаракат қилганман. Масалан, "Ҳай-ҳай, қизалоқ”, "Ёнингдаман” фильмлардаги ролларим бир-биридан тубдан фарқланади. Айрим фильмларда эркатой қиз қиёфасида чиқсам, айримларида ўқимишли, мулоҳазали, оғир-босиқ қизларни жонлантирганман.
 
– Ролларингиз ижросида партнёрларингизнинг ўрни қандай?
 
– Менга ким билан партнёр бўлиб роль ижро этишимдан қатъи назар, партнёрларим жуда катта кўмак бўлади. Шу кунга қадар Алишер Узоқов, Акбархўжа Расулов, Муҳаммадали Искандаров кабилар билан роль ижро этган бўлсам, уларнинг профессионал билимга эга эканлиги менга жуда қўл келган. Ижроимдаги камчиликларни улар тўлдириб кетишади.
 
– Санъат, дизайнерлик ўз йўлига. Аммо қиз бола асл бахтини оилада топади...
 
– Турмушга чиқишдан олдин бўлажак турмуш ўртоғимга шарт қўяман. Киноактрисалик жуда мураккаб касб, баъзида тунга қадар суратга олиш ишлари билан банд бўламиз. Баъзи вақтларда эса барча ишга отланган маҳалда биз ишдан қайтамиз. Тушунаман, оилали бўлгандан сўнг турмуш ўртоғингизнинг кўнглига қараш, қайнона-қайнота хизматини қилиш керак. Бу ишлар билан параллел равишда актрисалик қилиш жуда қийин. Агарда турмуш ўртоғим мени тушунадиган инсон бўлса, унда ақалли дизайнерлик қилишимга қаршилик қилмасликларини сўрардим. Майли, ярим тунга қадар суратга олиш ишлари билан юриб, уларни ҳам ўзимни ҳам хавотирга қўймайман. Яхшиси, актрисалик қилмайман (кулиб). Аммо дизайнерлик касбимдан воз кечолмайман. Яна кўрамиз, агарда актрисаликка ҳам рози бўлсалар, балки кинода суратга тушишда давом этарман...
 
– Севган инсонингиз йўқлигини айтиб ўтгандингиз... Наҳотки шу кунга қадар кўнглингиздаги инсонни учратмадингиз? Қўлида гулдай хунари бор қиз, бунга ишониш қийин...
 
– (Кулиб) Вой, совчилар жуда кўп. "Шундай келиним бўлса”, деб орзу қилганлар ҳам талайгина. Уйдагиларим шу йил узатишни режалаштиришган. Бироқ ҳозирда кимгадир вақт ажратиш қаёқда дейсиз? Дизайнерлик ва кинодаги суратга олиш ишларим кўплиги боисдан ўзимга ҳам зўрға вақт ажратаяпман. Ҳатто ишларим кўплигидан баъзида суратга олиш ишлари кўпайиб кетиб, дизайнерлик фаолиятимда мижозларга рад жавобини беряпман. Баъзида эса мижозларим кўпайиб кетиб, айрим фильмларга рад жавобини беришимга тўғри келяпти. Шунинг учун бирор инсон билан танишиб, кўнгил қўйишга ҳам вақт тополмадим.
 
– Шу икки соҳада параллел ишлаб, ўзингизга вақт топишингиз мушкул бўлиб бораётган экан. Туризм соҳасида таҳсил оляпсиз. Унга қандай вақт ажратасиз?
 
– Келажакда актрисаликдан воз кечишим аниқроққа ўхшаб қолдиёв (кулиб). Актрисалик мен учун хобби десам ҳам бўлади. Айрим машҳур актрисаларнинг жуда қийналганлигини эшитганман. Ҳатто мени вақти келса онам ҳам, турмуш ўртоғим ҳам ҳимоя қилолмай, оқлолмай қолиши мумкин. Бу соҳа худди лотереядек гап. Аммо туризм соҳасига ҳам жуда қизиқаман. Юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтиришни ҳам мақсад қилганман. Келажакда дизайнерлик, санъат ва туризмни бирлаштириб, хорижликлар учун ўзбек либосларини ва санъатни уйғунлаштирган томошаларни намойиш этишни режалаштирганман. Учаласини бирлаштириб, ўзига хос бир йўналиш ташкил этиш, хорижда гастроллар уюштириш мақсадим ҳам бор.
 
– "Бир сония” фильмида саундрек куйлаганингиз хақида эшитгандик. Хонандаликда ҳам ўзингизни синаб кўряпсизми? Умуман, қўшиқ куйлаш фикри кимдан чиқди?
 
– (Кулиб) Хонандаликка ҳам қизиқишим бор. Лекин бу фильмда қўшиқ куйлаш фикри фильм продюсеридан чиққанди. Фильм учун битта шўх ва битта маҳзун тарона куйладим. Бу фильм хали экранларга чиқмади. Қиш фаслига яқин премьера бўлиб ўтса керак. Шунингдек, турли кўрсатувларда ҳам қўшиқлар куйладим. Масалан, "Икки юлдуз” кўрсатуви учун 12 та қўшиқ тайёрлаганман.
 
– 12 та қўшиқ битта альбом билан тенг...
 
– Ўзим хонанда бўламан, деб ҳаракат қилмаганман. Фильмдаги ижроим ҳам тасодиф бўлди. Бу кўрсатувдаги иштироким ҳам, таклиф этишди. Кейин билсам, 12 та босқичда 12 та қўшиқ куйлаш керак экан. Тақдир эканми, мана хонандаликка ҳам ўтиб қоляпман. Фақат бир нарсани айтишим керак, мен лицензияси йўқ хонандаман. Яна тўйларга ҳам чиқмайман (кулиб).
 
– Айрим актрисалар "Ҳеч қачон санъаткорга турмушга чиқмайман” дейишади. Сиз-чи? 
 
– Агарда турмуш ўртоғим мени тушунган инсон бўлса ва оилада келишиб яшолсак, у кишининг қайси соҳада бўлиши муҳим эмас. Санъат соҳасида бўлса ҳам бунинг аҳамияти йўқ. Муҳими қандай инсон эканлигида.
 
– Танқидларга муносабатингиз?
 
– Жуда яхши.
 
– Сизни ёнингизга келиб, бемалол камситишлари ёки ёмонлашларига жимгина "Вой, раҳмат” деб жавоб берасизми?
 
– Йўқ, жаҳлим чиқади. Лекин индамасдан енгишга ҳаракат қиламан.
Муҳайё Мухторова суҳбатлашди


Категория: TANQID va TAXLIL
Просмотров: 8506 | Комментарии: 3 | Рейтинг: 0| Рейтинг: Шаҳзода Муҳаммедова
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 3
Feruzshax Erikim buni
Like | 0
qahhor0007 Man sizi didingizdagi kuyov bo'lardim.:-)
Like | 0
yason4000 vayvo buni oqib chiquncha surprised
Like | 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 18:06
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Логин:
Пароль:
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное