Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » Exclusive Intervyu

Зуҳра Солиева: “Қайнонам ҳам мени жиддий қабул қилмайди”

Зуҳра Солиева — бу актрисани кўрган кишининг юзига беихтиёр табассум югуриши табиий. Унинг кулгуси беозор. Бир маротаба хандон отиб кулганини эшитган кишининг юзига кулгу югуриб, ташвишларини унутиб юбориши ҳам ҳеч гап эмас.  1  апрел — Ҳазил ва мутойиба кунини эса актриса Зуҳра Солиевасиз тасаввур қилиш қийин. Кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтган суҳбатимиздан сиз ҳам баҳраманд бўлинг...

—Зуҳра опа, ўтиб кетган бўлса-да, баҳор байрамлари билан табриклаймиз. Сиз билан кўришмаганимизга ҳам анча бўлди...

— Раҳмат, байрамлар бутун халқимизга, шу қаторда сизларга ҳам муборак бўлсин! Баҳор келгач, одамларнинг юзидаги табассумни кўриб, янаям илҳомланиб кетяпман.

— Зуҳра Солиева деганда ҳар бир томошабиннинг кўз ўнгида хандон отиб кулаётган аёл гавдаланса, ажабмас. Аслида Зуҳра Солиева қандай аёл?

— (Кулиб) Зуҳра Солиева сиз таърифлагандек аёл! Дунёда инсонга табассум қилишдек неъмат берилган экан, нимага хўмрайиб ўтишимиз керак? Болалигимда жуда кўп қийин кунларни бошдан кечирганман. Тушкунликка тушган дамларим жуда кўп бўларди. Ўша вақтларда ўзимни қўлга олиб, "Зуҳра, сен ҳаётда энг кучли, энг чиройли қизсан, ҳамма нарса ўтиб кетади”, дея табассум қилишни ўргандим. Буни қарангки, бугун бир гапириб, ўн куладиган бўлиб қолганман (Кулги кўтарилди).

— Турмуш ўртоғингиз анча жиддий. У киши билан суҳбатлашиб зерикиб қолсангиз керак...

— Аввалига тил топишишимиз жуда қийин бўлган, лекин у киши ҳам ҳазилга анча ўрганиб қолди. Бирор қизиқ нарсани кўриб қолсак, иккимиз бир-биримиздан ўтадиган даражада кулишамиз. Баъзида мени хафа қилиб қўйган пайтлари ярашишнинг энг осон йўли ҳам мени кулдириш бўлиб қолган. Ҳа, яқинда бир қизиқ воқеа бўлди: 14 январ — Ватан ҳимоячилари кунида турмуш ўртоғимга "Мен бу йил сизга ҳеч нарса совға қилмоқчи эмасман. Агар хафа бўлсангиз, майли, сиз ҳам 8 мартда менга совға олмай қўя қолинг”, дедим. (Кулиб) Ҳамма аёллар қатори мен ҳам аёллар байрами куни турмуш ўртоғимдан совға кутиб, ўзимга оро бердим-да, у ёққа ўтдим, бу ёққа ўтдим. Лекин ҳа, деганда турмуш ўртоғимдан садо чиқавермади. Охири сабр косам тўлиб, "Менга совға бериш ниятингиз борми?” дедим. "Ие-е, қанақа совға?! Ўтган сафар келишиб олгандик-ку! "Менга совға бермасангиз ҳам бўлади”, деб ўзинг айтдинг шекилли”, деб қолди. (Жаҳли чиқиб) Ўша дамда қандай аҳволга тушганимни аёллардан бошқа одам тасаввур қила олмаса керак. Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, ошхонада ўз ишларимни қилиб юравердим. Орадан икки соатлар ўтгач, уй телефони жиринглади. Телефон ёнига бориб, токчадаги совғага кўзим тушди. Кейин билсам, хўжайиним нариги хонадан қўнғироқ қилиб, гўшак олдига чақириб, совғани пинҳона бермоқчи бўлган экан. Кейин у кишини кечириб, айтган таомларини тайёрлаб бердим. (Кулиб) Келаси йил ҳам шундай найранг қилиб у кишига совға олмасаммикин, деб турибман.

— Баъзи давраларда ўзингизни жиддий тутишга тўғри келса...

— Бундан ёмони бўлмаса керак. Бир қоп ёнғоқман ва шундай яшашни маъқул кўраман. Яқинда таксига чиқиб жимгина кўчаларни томоша қилиб кетаётгандим, ҳайдовчи амаки "Зуҳрахон, кайфиятингиз йўқми, дейман”, деб қолди. "Тинчликми, нега ундай деяпсиз?” десам, "Сизни экранда кулишингизни кўравериб, шу аёлни манзилига элтиб қўйсам, мени ҳам бир кайфиятимни кўтарар, деб ўйлагандим. Чучварани ҳом санаганга ўхшайман”, дейди. Ҳалиги амаки билан манзилимга қандай етиб борганимни билмай қолдим. Бир латифани тугатмасимдан у киши бошқасини бошлайди ва акси. Қани айтинг-чи, одамларнинг ўзи мени жиддий қабул қила олмагандан кейин қандай қилиб жиддий кайфиятда юришим мумкин? Ҳатто қайнонам ҳам мени жиддий ҳолатда қабул қила олмайди. Бирор мавзуда гаплашиб ўтирган бўлсак,  тўсатдан луқма ташлаб қолсам, бирдан уйимиз кулгига тўлади.

— Ҳамма актёрларнинг ҳам фильмлардаги гаплари одамлар ёдида қолмайди. Аммо сизнинг комедия жанридаги фильмларда айтган кулгили гапларингиз одамлар тилига кўчиб бўлган...

— Ўзбек киноси тарихида бундай актёрларимиз жуда кўп. Сиз айтган, одамлар тилига ўрнашиб бўлган ўша гаплар аслида сценарийда ёзилган бўлмайди. Биз актёрлар вазиятдан келиб чиқиб, бор имкониятимизни ишга солиб ролимизни ижро этамиз. Шунинг учун уларда ҳаётийлик яққол сезилиб туради. Масалан, "Бойвачча” фильмида режиссёр менга шунчаки жаҳли чиқиб, бақирадиган аёлни гавдалантиришимни сўраган. Буни қарангки, ҳеч қандай сценарийсиз, ўзимнинг ғоям билан айтган гапларимни бугун ҳатто тўйларга борсам ҳам сўрашади.

— Сизни жаҳон кино юлдузларидан кимга ўхшатишларини истайсиз?

— Нима десам экан-а? Мени кимга ўхшатишларини билмадим-у, лекин болливудлик актриса Прити Зинтага кўпчилик "Ўзбек киноси юлдузи Зуҳра Солиевага ўхшайсан”, деб кўпчилик айтган экан (кулги кўтарилди). Албатта мен ундан гўзалроқман!

— Қайси комик актрисаларни ўзингизга рақобатчи деб биласиз?

— (Кулиб) Мен билан рақобатлашадиган актриса ҳали туғилмаган-ов. Бу ҳам ҳазил албатта! Биласизми, томошабин сифатида ўзимга ҳам, ҳамкасбларимга ҳам баҳо берадиган бўлсам, менимча, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муқаддас Холиқова, актриса Ҳалима Ибрагимова, актёрлардан Собир Отажонов, Санжар Шодиев билан яхши партнёр бўламиз. Юқорида номларини санаган барча актёрларим комик роллари билан аллақачон томошабинларнинг юрагидан ўрин олиб бўлишган.

— 1 апрел – Ҳазил ва мутойиба куни ҳам яқинлашяпти. Бу кун сиз учун алоҳида нишонланадиган байрам бўлса ажабмас-а?

— Нимасини айтасиз, 1 апрел менда бир неча кун аввал бошланади. Бир вақтлар шифохонада ҳамшира бўлиб ишлаганимда тунги навбатчилк пайтимда уйига кетган шифокорларга қўнғироқ қилиб, "Тез етиб келинг, бош шифокорнинг жуда жаҳли чиққан, сизни сўраяпти”, деб ваҳима қилардим. Ҳалиги шифокорлар юраги ҳовлиқиб, оёғини қўлига олганча югуриб келарди. То бош шифокор қабулига киришмагунча миқ этмай юраверардим. Кейин ҳаммалари "Зуҳра-а-а”, деб ортимдан қувлаб юришарди (кулади). Аммо ўзимни ҳам бир марта жуда ёмон алдашган. Ўзбек миллий академик драма театрида ишлаб юрган кезларим актёр Ботир Муҳаммаджонов қўнғироқ қилиб, "Қаерларда юрибсан, бугун репетиция-ку, тез етиб кел!” деб қўнғироқ қилган. Оёғимни қўлимга олиб театрга келдим. То етиб келгунча нима деб узр сўрашни ўйлаб, ич-этимни егандим. Бу сафар аниқ ишдан ҳайдаламан, деган ўйда юрак ховучлаб ёнига кириб, "Мени кечиринг!” десам кулиб юборди-да, "Бугун календарга қарамадингми?” деди. Ўша пайтдаги аҳволимни тасаввур қилолмайсиз. На кулишни ва на йиғлашни биламан.

Халқимиз кулги, мутойибага ўч халқ. Тилагим ҳар бир хонадондан қувноқ кулгулар овози эштилиб турсин. Кулишга, табассум қилишга арзигулик сабаблар кўп бўлсин!

Қамариддин ШАЙХОВ суҳбатлашди



Категория: Exclusive Intervyu
Просмотров: 4512 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 0| Рейтинг: Зуҳра Солиева
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 1
mahliyo4979 Zuxra Soliyevaga gap yo menga rollari juda yoqadi. Omad yor bolsin
Like | 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 17:28
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Логин:
Пароль:
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное