Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » Exclusive Intervyu

Жасур Умиров: “Бугуноқ уйланаман, агар...”

"Энди мен журналист” лойиҳасида иштирок этиш навбати Умидахонга ҳам етиб келди. Яқиндагина "Ниҳол” мукофоти совриндори бўлган ёш хонанда, ҳамкасби Жасур Умировдан интервью олишга қарор қилди.

 

Умидахон: — Жасур Умировнинг ижодини аввалидан кузатиб бораман. У ўз йўналишини қисқа вақтда  топган хонандалардан бири. Нега айнан у? Очиғи, бу саволга ўзим ҳам аниқ жавоб беролмайман. Шунчаки негадир, Жасур ака билан суҳбатлашишга уни аслида қандай инсон эканлигини билишга жуда қизиқдим. Шахс сифатида у жуда сирли. Бугун унинг дунёқараши қандай экан деган саволга жавоб топмоқчиман.

Лойиҳамизнинг бу галги иштирокчисининг интервьюга тайёрланиш жараёни бошқаларникига нисбатан жуда қийин бўлди. Хонандалар узоқ вақт давом этган мунозралардан сўнг, тўй хизматларидан бўшагач, кеч 22:00 да учрашдилар.

— Ассалому алайкум, Жасур ака!

— Яхшимисиз, Умидахон. Сиз ҳам эринмаган одамсиз-да, тинчгина қўшиқ куйлаб юрмай, турли лойиҳаларда иштирок этиб юрасиз.


— Мухлисларга ўзимизнинг янги қирраларимизни ҳам намоён этиб туришимиз керак-ку. Устига устак ўзим ҳам журналистикага жуда қизиқаман.

— Қани, бир маҳоратингизни кўрайлик-чи, бу суҳбатга алоҳида тайёрланганга ўхшайсиз...


— Қўлдан келгунча. Ўйлайманки,  мухлисларга керакли, қизиқ маълумотлар берувчи жавоблар оламан.

— Саволларингиз ичида оиламга боғлиқлари бўлмаса бас.


— Нега? Сабаб? Сиз ҳам оилангиз ҳақида гапиришни ёмон кўрасизми?

— Ҳа.


— Аҳамият бериб қарасам аксарият эркак санъаткорлар оилавий саволларни айланиб ўтишади, бунга нима сабаб деб ўйлайсиз?

— Бошқаларни билмади-у, аммо мен учун оилавий саволларга жавоб бериш қийин. Эркаклик ғурурим йўл қўймайди, ўз принципларим бор. Қўрғонимни бегона нигоҳлардан асраб-авайлагим келади.


— Синглингиз Гули Умирова ҳақида сўрамоқчи эдим.

— Айтяпман-ку, оилавий саволларга умуман жавоб бермайман.


— Жасур Умиров дадасининг эркатойи деган гапларга муносабатингиз қандай?

— Бу гаплар нотўғри. Тўғри ҳар бир фарзанд сингари дадамга эркаланишим мумкин, аммо одамлар айтганчалик ҳаддан зиёд эркатой эмасман. Бироз инжиқлигим туфайли шундай ўйлашса керак.


— Билишимча ҳомийингиз ҳам дадангиз экан...

— (кулиб) Яширмайман, ижодимни бошлаган йилларим дадамнинг ёрдамига муҳтож эдим. Клип, қўшиқ, умуман ижодим учун керакли сарф-харажатлар масаласида дадам менга кўп ёрдам берган. Аммо бугун ҳар бир ишимда ўзимга ўзим ҳомийман.


— Сиз ҳақингиздаги яна бир миш-миш эшиттим. Кўпчилик сизга таъриф берганда "Жасурнинг қизларга суяги йўқ” дейишади.

— (мириқиб кулиб) Бу дейман, бугун фақат миш-мишлардан иборат саволлар тайёрлаб келганмисиз. Суҳбат бошлангандан буён фақат шундай мазмундаги савол беряпсиз.


— (кулиб) Нега  ундай дейсиз, бошқача саволларим ҳам бор. Аммо мавзу келганда шу саволларимга жавобни билиб олмоқчиман-да.

— Ҳа, майли. Демак, жавобга қайтсак. Аслида ҳар бир йигитнинг  чиройли қизларга эътибор қаратиши табиий ҳолат. Мен ҳам бу борада бошқа йигитлардан қолишмайман.  Аммо сиз айтганчалик "суяги йўқ”лардан эмасман.


— Ўзи ҳеч севганмисиз?

— Албатта. Севги бўлган, аммо у бугун йўқ.


— Демак севгидан куйгансиз?

— Аввалари шундай деб ўйлардим. Аммо бугун ўйлаб қарасам, у шунчаки ҳавас бўлган экан. Мен чин муҳаббатимни учратмаганман. Биласизми, Умидахон инсон ҳақиқий севгисини қачон учратади? Агар ўша инсон сизнинг тақдирингиз эканлигини ҳис этсангиз, ўшанда  севги туғилади. Айтмоқчиманки, инсон умрини сўнгги кунларигача бир инсонни севса, ўша ҳақиқий муҳаббат. Мен ҳам бўлажак турмуш ўртоғимни ҳақиқатдан ҳам қаттиқ севишни ва у билан ҳар бир кунимни бахтли ўтказишни истайман.


— Жасур ака, севги ҳақида тўлиб-тошиб гапираётганингизни эшитиб, севиб қолганингизни ёки тўйга яқин қолганини тахмин қилиш мумкин...

— (кулиб) Сиз ҳам ҳақиқий журналистларга ўхшаб қолибсиз. Очилиб, дилдаги гапларни айтиб бўлмайди-я. Дарров, ўзингизча хулоса чиқарасиз...


— Хўш, жавобдан қочманг, тўй яқинми ёки ўзингиз айтганчалик ҳақиқий севгингизни учратдингизми?

— Ҳар иккала тахминингиз ҳам нотўғри. Шунчаки, бугун бизнинг уйда айнан, менинг оила қуришим масаласи глобал муаммо бўлиб турибди. Фақат шу ҳақда гаплашяпмиз. Онам совчиликка юриб, қиз қидиряптилар. Оиламга яхши бека бўла оладиган, муҳаббатимга лойиқ қизни учратишни истайман.


— Уйланиш режаси қачонга белгиланган?

— Агар бугун кўнглимдагидек  қиз топсам, бугун тўй қилишга, уйланиб катта ҳаётга қадам қўйишга тайёрман. 


— Журналист дўстларим жуда кўп. Бугунги интервьюга тайёрланиш жараёнида уларнинг ёрдамидан фойдаландим. Айтишларича, сиз жуда сирли инсонсиз. Кўп журналистлар берган саволларига тўлиқ жавоб ололмаган экан?

— Негадир журналистлар билан гаплашишни ёмон кўраман. Балки бу улар менинг гапимдан бошқача хулоса чиқариб, ёзиб юборишларидан чўчиганим учундир. Сирлилигимга келсак, бу бор гап. Ҳаммага ҳам дилимни очавермайман.


— Нега? Сирларингизни биров билишидан қўрқасизми?

— Билмадим, феълим шунақа. Бундан ташқари бировларга айтган гапимни бошқа бировдан эшитавериб, чарчаганим учун ҳам шундайдир.


— Демак ҳаётингизда сотқинлар ҳам бўлган?

— Ҳа. Жуда кўп. Ҳатто бугун дўстликка ҳам ишонмай қўйганман.


— Нега?

— Биз шоу бизнеснинг қоп-қора қозонида қайнаймиз. Бу ерда вафодорлар йўқ. Ўзимизга ўзимиз дўст бўлишга мажбурмиз,.


— Ҳамкасбингиз Ҳусан билан урушганингиз ростми?

— Бу ҳақида гапиришни истамайман.


— Айтишларича, бир қизни талашган экансизлар?

— Айтяпман-ку, бу мавзуда гапирмайман деб.


— Кўп қизларнинг исмини куйлагансиз. Айтингчи, ўша исмлардан қайси бирини келажакда ўз қизингизга қўйишни истардингиз?

— (жилмайиб, узоқ ўйлаб) Биллура деб исм қўйган бўлардим.


— Репертуарингиздаги қайси қўшиғингизни ёмон кўрасиз?

— "Дилбарей” қўшиғимнинг аранжировкаси менга умуман ёқмаган. Негадир шу таронани куйлагим келмайди. Аммо мухлисларга ёққан.  

— "M&TVA” мукофотига кўп бора номзод бўлгансиз. Ўтган йили кўпчилик ғолиб бўлишингизни тахмин қилган эди...

— (хўрсиниб) Биласизми, бу мукофотдан умид қилмай қўйдим. Беш йил кетма-кет номзодим қўйилди. Аммо омад мендан юз ўгираверди. Ҳатто ҳар йили айнан мана шу мукофотни қўлги киритиш учун яхшироқ ишлашга, кўпроқ хит қўшиқлар чиқаришга уринарим. Бу йил эса...  Умид ҳам қилмаяпман.

— Кўпинча ўйламаган нарсангиз амалга ошади. Балки бу йил сизга омад кулиб боқар...

— Балки...


— Бундан бир неча ой илгари маълум муддатга лицензиянгиздан маҳрум қилишди. Бу қисқа вақт ичида сизни соғинган мухлисларингиз кўп. Аммо сўнгги қўшиғингиз "Маша” ва унга ишланган клип улар кутганчалик бўлмади...

— Қўшиқ ўзимга жуда ёқади. Рақсбоп, ўз йўналишимда куйлаган. Аммо клип борасида фикрингизга қўшиламан. "Маша”нинг клипи нафақат мухлисларга, балки ўзимга ҳам ёқмади.


— Унинг  ТВ бадиий кенгашидан ўтмагани ростми?

— Ҳа. Телевидение меъёрларига тўғри келмайди деб баҳолашди. Шунинг учун ҳам уни сайтларда намойиш этиб, тақдим этдик.


— Келгусидаги режалар қандай?

— Тез кунларда янги қўшиғимни клипи билан тақдим этишга тайёрмиз. "Тақдирим шу экан” деб номланган қўшиқ сокин оҳангда куйланган. Ўйлайманки, тингловчиларга ёқади.

Диктофон ўчирилгач...


Жасур Умиров: — Мендан доим қизиқарли воқеалар ҳақида сўрашади. Бир воқеани кўп эслайман, лекин сира гапирмаганман: Ўзбекистон Давлат Консерваториясида битирув имтиҳони эди. Тўйдан кеч келганим учун имтиҳонда эканлигим ёдимдан кўтарилиб, ухлаб қолганман. Имтиҳон топширишимни билиб, мени қўллаб-қувватлашга келган мухлисларим мени кутиб-кутиб қайтиб кетишган экан. Ўшанда, домлаларим ва мухлислар ёнида роса уялганман. Шу воқеадан кейин ҳар бир ишга масъулият билан қарашга, айтилган жойга кеч қолмай боришга ҳаракат қиламан. Аммо доим ҳам буни уддасидан чиқавермайман. Баъзида ўзимга боғлиқ бўлмаган сабаблар билан кечикишим мумкин.

***

— Эркак киши эга бўлиши шарт бўлган уч хислат?

— Эътиборли, меҳнаткаш ва мард бўлиши керак.

—  Яхши оила бошлиғига керак бўладиган уч жиҳат?

— Меҳр, тушуна билиш ва сабрли бўлиш.


Хулоса


Умидахон: — Жасур Умиров ҳақида эшитганларим рост экан. У ҳақиқатдан ҳам жуда сирли. Ичидаги гапини биров билан бўлишгиси келмайди. Саволларга берган жавобларидан унчалик кўнглим тўлмаган бўлса ҳам, қисман жавоб ололганимдан мамнунман.


Жасур Умиров: — Умидахон интервьюга яхшигина тайёрлангани сезилди. Аммо жавобларим уни қониқтирмагани ҳам билиниб турди. Начора, мен шунақаман.

 



Категория: Exclusive Intervyu
Просмотров: 7199 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 0| Рейтинг: ЖАСУР УМИРОВ
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 1
sarvinozhon Жасур Умиров ни жуда керик бола деб уйлиман.Мухлисларим дийдию лекин одноклассникида мухлислари б.н гаплашмайди.Мухлисларига хурмати шуми
Like | 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 02:58
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Логин:
Пароль:
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное