“Yoshlar” телерадиоканали директорига очиқ хат!
Ҳурматли Хайрулла Боқижонович!
Жуда кўпчилик телетомошабинлар талаби ва илтимосига кўра, бугун ушбуни улар номидан сизга тақдим қиламиз. Биласизми, сизга алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Нега, дейсизми? Бунинг сабаблари анчагина. Хоҳласангиз, эринмасангиз, энса қотирмасангиз, бирма-бир етказамиз.
1. “Yoshlar” телеканали орқали неча ойдан бери Ўзбекистон халқини ўзига “ром” этиб келаётган “Сенга ошиқман” (халқ ичидаги номи “Ишани”) телесериали учун сизга раҳмат! Шу сериал туфайли биз Ҳиндистон қамоқхоналари қандай эканлиги ҳақида маълумотга эга бўлдик. Дунёда энг шинам ва қулай қамоқхона Швейцарияда эмас, айнан ҳинд заминида эканини билиб олдик. Чунки фақатгина шу ердаги маҳбусхоналарга одамлар истаганча кириб-чиқиши, хоҳлаган одами билан мулоқотда бўла олиши мумкин экан. Биз бўлса, уни қудратли мамлакат деб, хомхаёл билан яшардик. Ҳақиқатни ошкор этганингиз учун ташаккур!
2. Айнан шу сериал орқали ўзбек халқи янгича удумлару одатларни ўрганишмоқда. Масалан, янги келинларнинг эрларига нисбатан ҳийлалари, қилиқлари, нозларию макрлари, аввал турмуш қуриб, кейин ажрашаман, деб, ажрашиб улгурмасидан бошқа оила қуриш, қудаларнинг даҳанаки жанглари, дабдабали дабдала тўй маросимлари (ўзи шу одатларни йўқотиш учун аёвсиз кураш олиб борилаётган бўлса), ётоқхонадаги оилавий кўриб бўлмас саҳналар ва ҳоказою ҳоказолар...
3. Ҳурматли Хайрулла Боқижонович! Бемалол хурсанд бўлаверинг. Ниятингизга аста-секин етмоқдасиз! Мана, биринчи ўзбек фарзандига Ишани исми қўйилди, Қашқадарёда. Келажакда шу Ишани болаларига Ишани ким, деб сўраса, нима деб жавоб беради? Жавобни “Yoshlar” телеканали беради, деса керак-да, а? Ўша пайтда ҳам такроран намойиш қиларсизлар балки.
4. Бемалол хурсанд бўлаверинг. Ёш қизлар номаъқул одатларни ўзлаштириш билан бирга қўлларига татиуровка чизиб, ўша сизлар “замон қаҳрамони”га айлантирган Ишанига тақлид қилиб улғайишмоқда. Сизга ҳеч қандай адоватимиз йўқ, бу ёзганимиздан уялмаймиз. Аксинча, сиз шундай сериални намойиш этаётганингиздан ор қилинг. Ўзбек бўлсангиз агар, фарзандларингиз “Yoshlar” телеканалини томоша қилса, сиз номус қилинг! Бошқа гапимиз йўқ!
Cанжар Саид
(Eslatma: Ushbu xat ya'ni murojaatni Tarona.net saytiga hech bir aloqasi yo'q, bu xat saytimizga noma'lum bo'lgan Sanjar Said taxallusidagi yigit tomonidan yozilgan va extimolkim Yoshlar teleradiokanali ma'muriyatiga ham taqdim etilgan.
Ushbu murojaat bir qancha sayt va ijtimoiy tarmoqlarda tarqalgani bois, siz muxlislar ham ushbu xat mazmuni haqida habardor bo'lishingiz uchun saytga yuklangan. Siz ham bunga nisbatdan o'z fikringizni bildirishingiz uchun! Ammo yana bir bor aytamiz uni sayt ma'muriyatiga va adminlariga aloqasi yo'q.)
|